АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп агар президент этиб сайланса, Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатларидан нефть сотиб олишни тўхтатиши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда The New York Times газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Трампнинг айтишича, бундай ҳолат агар араб давлатлари АҚШ барқарорлигига хавф солаётган ИШИДга қарши АҚШ билан биргаликда кураш олиб бормаса юз бериши мумкин.

Трамп Япония ва Жанубий Кореяга Шимолий Корея ва Хитой тажовузидан ҳимояланишда АҚШга тобе бўлмасдан, ўз ядровий қуролларини яратишга очиқчасига имкон беришини айтди.

Трамп шу билан бирга АҚШнинг иттифоқчилари билан кўплаб асосий келишувларни, шунингдек Япония билан 56 йиллик хавфсизлик пактини қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилишини маълум қилди. У бу пактни бир томонлама дея таърифлаган.