Cўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари тарқалган сурат асосида Ўзбекистонда 10 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилиши ҳақида муҳокама қила бошлашди.

Фейсбук, твиттер ва телеграмда тарқалган қизғиш суратда кўриш мумкинки, купюрадан ўрин олган герб остидаги юлдуз 8 эмас, 7 қиррали. Шрифт ҳам одатдагидек эмас ва унда лотин тилида "AMIR TEMURNING 680 YILLIGI" ёзуви бор.

Сайт таҳрияти Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати билан боғланганида тармоқлар ва мессенжерларда тарқалган сурат сохталиги ва яқин вақт ичида янги купюра муомалага киритилиши эҳтимоли йўқлиги маълум қилинди.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда ўзбек сўмининг энг катта қийматли купюраси 5 000 сўм ҳисобланади. Мазкур купюра 2013 йил 1 июлдан муомалага киритилган.

Бундан ташқари, 1994 йилдан бери 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500 ва 1000 сўмлик купюралар ҳам муомалага чиқарилганди.