2015 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 42,28 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2014 йил билан таққослаганда, 6,8 фоизга кўпдир, дейилади Давлат статистика қўмитаси берган баёнотда. 

Қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2015 йилда 25,085 трлн сўмлик деҳқончилик (+6,7 фоиз) 17,195 трлн сўмлик (+6,8 фоиз) чорвачилик маҳсулотлари етиштирган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликлари улуши 65,4 фоиз (2014 йилда – 65,1 фоиз), фермер хўжаликлари – 32,6 фоиз (32,9 фоиз), дехқончилик фаолияти билан шуғулланувчи фирмалар улуши – 2,0 фоиз (2,0 фоиз)ни ташкил этган, деб хабар беради uzdaily.uz

Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида деҳқончилик ҳиссаси 59,3 фоиз (2014 йили – 59,0 фоиз)ни ташкил этган. Ўтган йили жами 3695,1 минг гектар ерга экин экилган.

Шундан, бошоқли дон маҳсулотлари – 1671,6 минг га (+1 фоиз), пахта майдони 1298,0 минг га (-0,2 фоиз)ни ташкил этган.

2015 йилда картошка-0,4 фоиз, сабзавотлар–1,1 фоиз, полиз маҳсулотлари -0,9 фоиз, ем-хашак 0,5 фоиз кўпроқ майдонда етиштирилган.

Қишлоқ хўжалигида чорвачилик улуши 2014 йилдагига нисбатан бирмунча камайган- 40,7 фоиз (2014 йили – 41,0 фоиз).

Шунга қарамай, барча чорвачилик хўжаликларида ҳайвонлар сони 642,6 минг бош (5,8 фоиз)га ошган. Жумладан, қорамоллар – 88,4 минг бош (2,2 фоиз), қўй ва эчкилар–648,7 минг бош (3,5 фоиз), парранда сони 4875,5 минг (8,7 фоиз)га кўпайган.

2015 йил январь-декабрь ойларида 2033,5 минг тонна тирик вазнда гўшт (6,7 фоизга кўп), 9028,2 минг тонна сут (7,1 фоиз), 5526,0 млн дона тухум (11,6 фоиз), 36,0 минг тонна жун (4,8 фоиз) етиштирилган.

Ҳисобот йилида, фермер хўжаликлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар 13,801 трлн сўмни ташкил этган. Улар, 2014 йилги кўрсаткичга нисбатан 4,3 фоизга ўсишга эришган.

Фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжаликлари маҳсулотидаги умумий ҳиссаси эса 32,6 фоизни ташкил этган.