“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарор ижросини самарали ва сифатли таъминлаш, вилоят ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, уларни ижтимоий ва маиший жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда фойдали меҳнатга жалб этиш бўйича вилоят прокурори, Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланган тадбирлар режаси тузилиб, ижроси юзасидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

2016 йил 1 март ҳолатига жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судлари томонидан ушбу амнистия тўғрисидаги қарор жами 881 та жиноят иши ва материаллар бўйича 951 нафар шахсга нисбатан татбиқ этилиб, шундан Қарорнинг 1-банди 91 нафар, 2-банди 507 нафар, 3-банди 152 нафар, 4-банди 129 нафар ва 5-банди 72 нафар шахсга нисбатан қўлланилиши таъминланди. Ушбу қарор қўлланган шахсларнинг 111 нафарини аёллар, 11 нафарини вояга етмаганлар, 33 нафарини 60 ёшдан ошганлар, 15 нафарини чет давлат фуқаролари ташкил қилди.

Қарорнинг қўлланилиши жараёнида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан 15 маротаба вилоят ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасаларига чиқилиб, 124 нафар маҳкум билан суҳбатлар ўтказилди. 124 та шахсий йиғма жилдлар, суриштирув ва дастлабки тергов материаллари ва жиноят ишлари ўрганилди.

Жазодан озод қилиниб, ижтимоий кўникма марказларига мурожаат қилган барча шахсларга нисбатан жами 47 млн. 339 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари моддий ёрдам сифатида берилди.