Alibaba холдингининг асосчиси Жек Ма Хитойнинг энг омадли рассоми деб эътироф этилди. Бу ҳақида Tech In Asia портали хабар беради

Маълум бўлишича, Жек Ма нафақат Хитойнинг бадавлат инсонлари рўйхатида иккинчи ўринда турувчи ишбилармон бизнесмен, балки маҳоратли рассом ҳамдир. Ўтган йили октябрь ойида ўтказилган аукционларнинг бирида унинг чизган суратини 5.4 миллион долларга баҳолашган эди. Hurun Art List нашрининг чоп этган маълумотларига кўра, бизнесменнинг матога чизган тасвирий санъат асари хитойлик рассомлар суратлари ичида 2015 йилнинг энг қиммат асари деб топилди.

Бундан ташқари, мазкур суратнинг яратилишида хитойлик таниқли рассом Цзэн Фаньчжининг ҳам иштироки борлиги қайд этилди. Бироқ, ишнинг қайси қисмини Жек Ма, қайсинисини Фаньчжи бажаргани ошкор этилмаган. Суратнинг асосий ғояси – экология муаммоларига эътибор қаратиш. Сотувдан тушган барча маблағлар табиатни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи ижтимоий ташкилот Paradise International Foundation ҳисобига ўтказилди.