Англияда етти ёшли қизалоқ батутда сакраш вақтида ҳалок бўлди

Жамият 28 Март 2016 560

Англиянинг жануби-шарқидаги Норвикдан бўлган Саммер Грант ҳаво тўлдирилган батутнинг тўсатдан ёрилиб кетиши оқибатида дунёдан кўз юмди.

Қизалоқ ўз оиласи билан Пасха Шанбаси (яҳудийларда: кўкламда ўтказиладиган диний байрам ҳамда христианларда: афсонавий Исонинг тирилиш хотирасига бағишланган диний байрам)ни нишонлаш учун Эссексдаги Ҳарлоу шаҳри истироҳат боғига келиб батутда ўйнаб юрган пайтида улкан батут ёрилиб кетиб, кўплаб жароҳат етиши оқибатида нобуд бўлди.

Қизчанинг ҳалокатига олиб келган ўта бепарволикка йўл қўйганликда айбланиб, ҳибсга олинган кембрижширлик 27 ёшли эркак ва 24 ёшли аёл гаров эвазига қўйиб юборилди. Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Воқеа маҳаллий аҳолини чуқур қайғуга ботирди. Фожианинг эртаси куни одамлар қизалоқнинг хотираси учун Ҳарлоу Таун Паркининг кириш қисмини ўйинчоқлар ва гуллар билан тўлдиришди.

Пасха Якшанбаси куни ярмарка ёпилди, бироқ қатъиятли одамлар оқими боққа ташриф буюриб, “Оллоҳ чиройли қизалоқни фаришталикка олди” дея қайдлар қолдиришди.

“Батутни ёриб юборган шамол тўсатдан келди, агар у асталик билан эса бошлаганда маъмурият ҳаво билан тўлдириладиган барча мосламаларни йиғиштириб қўйган бўлар эди”, - деб фикр билдирди Буюк Британия шоуменлар гильдияси вакили Рэй Смит.

Полиция воқеага гувоҳ бўлган одамларни тергов ишларида ёрдам сифатида кўрсатма беришга чақирди.

“Митти қизалоқнинг ҳалок бўлиши - ўта фожиали ҳодиса. Мен унинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлигимни изҳор қиламан”, - деди полиция изқувари Даниэль Статен Essex Chronicle нашри билан суҳбатда.

Кўпроқ янгиликлар