Плутон сайёрасини яқиндан кўриш имкониятини қўлга киритиш учун фанга нақ 50 йил керак бўлди, шунинг учун тахмин қилиш мумкинки, инсон тўққизинчи сайёрани "ўз кўзи билан кўриши"гина қолди.

Бироқ ҳақиқат шундаки, аввало унинг мавжудлигини исботлаш зарур. Астроном Майкл Брауннинг маълум қилишича, тўққизинчи сайёранинг борлиги фойдасига янги далиллар пайдо бўлди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Браун ва унинг касбдоши Константин Батигин Койпер чизиғи ичида бир неча объектлар ҳаракатига асосланган катта самовий жисм борлигини аниқлашган. Олинган маълумотларга кўра, бу объект ҳаракатланиши билан Койпер чизиғи ичидаги объектларга таъсир ўтказмоқда ҳамда уларнинг йўналишини ўзгартирмоқда. Яқин кунларда Браун "Твиттер"да SETI ташкилотининг слайдини намойиш этди. Унда Койпер чизиғида яна бир объектнинг (uo3L91) мавжудлиги кўзга ташланади. Айнан мана шу жисм тўққизинчи сайёра бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Койпернинг янги объекти Канада-Франция-Гавайи телескопи орқали кашф қилинди, бу телескоп орқали олимлар Қуёш тизими атрофидаги тадқиқотларни олиб боришади. Шундай бўлса-да, буни тўлиқ исботлаш учун олимларга янада кўпроқ далиллар керак бўлади.