Жорий йилнинг 21-27 март кунлари мамлакатимиз ўқувчилари баҳорги таътилга чиқишди. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида вазирлик томонидан қатор тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Жумладан, 1,4 млн. нафардан ортиқ ўқувчи “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичларида иштирок этди. Мусобақалар баҳорги таътил кунлари спортнинг 20 тури бўйича ўтказилди.

280 минг нафардан ортиқ ўқувчи билимлар беллашувининг туман (шаҳар) босқичида иштирок этди. Билимлар беллашуви 5—8 синф ўқувчилари ўртасида 16 та ўқув фанидан 2 турда (амалий ва тест синовлари) ўтказилди.

118 350 минг нафар ўқувчи 211 та “Баркамол авлод” болалар марказидаги 5508 та тўгаракка қатнашди. 1,2 млн нафар ўқувчи умумтаълим мактабларидаги спорт секцияларида қатнашмоқда.

Шунингдек, баҳорги таътил вақтида ўқувчиларнинг юртимиздаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, музейлар, театрлар, кутубхоналар ва бошқа маърифий масканларга сайёҳатлар ташкил этилди.