Покистондаги терактдан сўнг Facebook ижтимоий тармоғининг баъзи фойдаланувчиларига гарчанд у мамлакатда яшамасалар-да, "Сизларга шикаст етмадими?", деган савол билан мурожаат этилди.

Хабар мобил телефонларга матнли смс кўринишида юборилган. Уларда ҳеч қандай изоҳларсиз "Портлашдан зарар кўрмадингизми?", деб сўралган. “РИА Новости”нинг маълум қилишича, бу кўринишдаги хабарлар россияликларга ҳам келган.

Гап Facebook’нинг Safety Check ("Хавфсизликни текшириш") хизмати ҳақида бормоқда. Унга кўра, кўнгилсизлик юз берган ҳудудда яшовчи фойдаланувчиларга "Ҳаммаси жойидами?" қабилида хабар юборилади.

Facebook ижтимоий тармоғи бундай хатоси учун фойдаланувчиларидан узр сўради. Тармоқ аввал ҳам мазкур тизими билан боғлиқ танқидларга учраганди.

Эслатиб ўтамиз, Лаҳордаги портлаш 27 март куни кечаси юз берди. Воқеа пасха байрамини нишонлаш учун юзлаб одамлар йиғилган болалар истироҳат боғида содир бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, у ерда 69 нафар киши ҳалок бўлиб, улардан 23 нафари болалардир. 300дан ортиқ киши турли хил тан жароҳатлари олди.

Мазкур ҳодисага жавобгарликни "Толибон" ҳаракати билан боғлиқ "Жамоат-ул-аҳрор" террористик ташкилоти ўз зиммасига олди. Экстремистлар уларнинг мақсади насронийлар бўлганини маълум қилишган.