Мамлакатимиз ёш боксчилари Литвада ўтказилган анъанавий халқаро турнирда 3 олтин ва 2 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

1998-1999 йилларда туғилган боксчилар ўртасида ўтказилган мусобақада Литва, Ўзбекистон, Германия, Франция, Италия, Нидерландия, Греция, Венгрия, Польша, Чехия, Австрия, Тунис, Исроил, Озарбайжон, Россия, Грузия, Беларусь, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон ёшлар терма жамоалари кураш олиб борди.

Вазни 56 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги беллашувларда Шунқор Абдурасулов қозоғистонлик Серик Темиржанов, венгриялик Хенрик Сербан, литвалик Лаимонас Раибикис, украиналик Майк Стиценкони мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

81 килограммгача вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари ўртасида Санжар Турсуновга тенг келадиган топилмади. У литвалик боксчилар Эдвинас Макиевич, Аугустас Белюнас, украиналик Аркадий Картсанни енгиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда мезбон Виландас Валчюкас устидан ғалаба қозонди.

Энг оғир (+91 килограмм) вазн тоифасида Абдулла Ҳудорганов украиналик Вячеслав Гаврилюк, қозоғистонлик Рустем Байешев ва литвалик Марек Королковни енгиб, биринчи ўринни эгаллади.

Боксчиларимиздан Абу Нуронов ва Профсор Роримша ўз вазн тоифасида бронза медаль билан тақдирланди.