28 март куни Қашқадарё вилоятида “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида анъанавий ёшлар фестивали бошланди. 31 мартга қадар давом этадиган фестивалда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат арбоблари, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, кино ва театр актёрлари, ёш олимлар, давлат мукофотлари соҳиблари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, спортчилар иштирок этмоқда.

Вилоятдаги таълим муассасаларида билим олаётган 600 минг нафарга яқин ўғил-қизларни жалб этган бу йилги фестивалда ёшлар таклифлари асосида 10 дан зиёд лойиҳалар ўтказилади. Таниқли актёр ва хонандалар билан “Сиз севган қаҳрамонлар” мавзусидаги учрашувлар, “Ҳоким ва ёшлар”, “Депутатлар ва ёшлар” мавзусида давра суҳбатлари, таниқли спортчилар иштирокидаги мастер-класслар, ёш ижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар ҳамда талабалар саҳналаштирган спектакллар намойишлари, тарихий обидалар, йирик савдо марказлари, истироҳат боғлари, аҳоли ва ёшлар гавжум масканларда таниқли санъаткорлар иштирокидаги флешмоблар шулар жумласидан.

Эътиборлиси, тадбирлар вилоятдаги барча 13та туман мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ва бошқа масканларда ташкил этилиб, уларда барча ёшлар эркин иштирок этишлари мумкин.

Мобил мухбир: Санжар Саид