Муҳожирлар ЕИга Туркия ва Болгария орқали кириб келишмоқда. Македония, Сербия ва Хорватия орқали Австрияга ҳамда шимолий Европа давлатларига ўтиш имконини берувчи "Болқон йўналиши"нинг ёпилиши туфайли қочоқлар Европага олиб борувчи янги йўлларни топишмоқда. Бу ҳақда Frankfurter Allgemeine Zeitungга таяниб, Deutsche Welle хабар қилган.

Нашрнинг ёзишича, шундай йўналишлардан бири Туркия жанубидаги Анталия портидан бошланади. Шундай нуқталардан яна бири Сурия чегарасига яқин жойлашган Мерсин шаҳридан ёки марказий Грециянинг Афина шаҳрида жойлашган. Муҳожирлар шу жойларга етиб олишса бас, бу ердан улар балиқчилик ёки унча катта бўлмаган савдо кемаларида Ўрта Ер денгизини сузиб ўтиб, Италияга кириб келишади.

Нашр маълумотларига кўра, бундай саёҳат киши бошига 3 мингдан 5 минг еврогача айланади.

Айрим қочқинлар эса, Грециядан Албания орқали Италияга ўтишга ҳаракат қилишади.

Яна бир муқобил йўналиш Болгария орқали ўтади. Бу ердан улар Руминия ёки Сербияга ўтишга уриниб кўришади. Бироқ, иккала ҳолатда ҳам жиддий тўсиқлар мавжуд.

Руминияда Карпат тоғлари халақит берса, Сербиянинг ЕИ билан чегаралари аввалгидан ҳам кучлироқ қўриқланади.

Шу сабабли кўпсонли қочқинларнинг аксарияти Болгариянинг ўзида қолишни маъқул кўришмоқда.