27 март куни Қозоғистоннинг Bek Air авиакомпаниясига қарашли Fokker 100 самолёти Қизилўрда-Остона ички рейсини амалга ошираётиб, самолётни олди ғилдиракларсиз қўндиришга муваффақ бўлганди.

Қозоғистоннинг инвестиция ва тараққиёт вазирлигининг фуқаролик авиацияси
Bek Air авиакомпаниясига қарашли Fokker 100 самолёти билан боғлиқ воқеадан сўнг бу самолётларнинг техник актларсиз эксплуатациясига тақиқ қўйилди.

Бошқарманинг маълум қилишича, Қозоғистонда Fokker 100 каби самолётлар фақат Bek Air компаниясида эксплуатация қилинади. Авиапаркда 8та ана шундай самолёт бор бўлиб, улардан 6таси Қозоғистонда эксплуатация қилинади.

Авиакомпанияга агрегатлар ва шассиларнинг олд ва асосий қисмлари ҳамда уни ишлаб чиқариш тизимини текширишни йўлга қўйиш тўғрисида буйруқ берилди. Ўз ўрнида ана шундай техник акт "Қозаэронавигация" ҳаво йўллари ҳаракатини режалаштириш Бош марказига тақдим этилиши лозим. Шу билан бирга "Қозаэронавигация"га қўмита томонидан Fokker 100 ҳаво кемасини кўрсатилган актсиз ишга туширилмаслиги тайинланди.

27 март куни Bek Air авиакомпаниясига қарашли Fokker 100 самолёти билан рўй берган ҳодисадан сўнг қўмитада бундай ҳодисаларни олдини олишга қаратилган бир қатор профилактик чора-тадбирлар кўрилди.

27 март кунги ҳодисада самолётни қўндириш чоғида унинг ичидаги 116 йўловчи ва 5 экипаж аъзосидан ҳеч ким зиён кўрмаган.

Республика Бош транспорт прокуратураси мазкур ҳодиса юзасидан "Ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспорти эксплуатацияси қоидаларининг бузилиши" моддаси бўйича иш қўзғатди ва уни ўрганиб чиқишга киришди. Шунингдек, самолётни қўндиришдаги авария ҳолати бўйича республиканинг инвестиция ва тараққиёт вазирлиги ҳамда ҳаво кемаси мансуб бўлган авиакомпаниялар ўз текширувини бошлади.

Қозоғистон инвестиция ва тараққиёт вазирлиги раҳбари Асет Исекешев экипажнинг маҳоратига тўхталиб, унинг аъзолари давлат мукофотларига тақдим этилишларини таъкидлади.

Bek Air авиакомпанияси 1999 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда у Қозоғистонда доимий қатновларни йўлга қўювчи етакчи компания ҳисобланади.