Flydubai авиакомпаниясининг Ростов-Донда қулаган самолёти учувчиларнинг самолётни бошқариш борасидаги келишмовчилиги сабабли фалокатга учраган бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда фожиани тергов қилишга яқин бўлган манбага иқтибос келтирган ҳолда "Коммерсант" нашри.

Самолётнинг кўрсаткичлар ва нутқ бортёзгичларидаги маълумотлар самолёт учувчининг айби билан фалокатга учраганини кўрсатмоқда. 

Самолёт фалокатга учрашидан олдин учувчилар орасида келишмовчилик чиққан. Учувчи ва унинг ёрдамчиси қулаётган самолёт билан нима қилиш кераклиги ҳақида турли фикрда бўлганлар. Учувчилар бир тўхтамга келганларида эса жуда кеч бўлган.

Фожиа сабабининг янги тахминига кўра, самолёт қўна олмагач уни навбатдаги баландликка кўтариш пайтида учувчилардан бири самолётнинг тумшуғини жуда юқори кўтариб юборган, бунинг оқибатида самолёт кескин тезликни йўқотиб, қулай бошлаган. "Қора қутилар"нинг расшифровкасида бир учувчи иккинчисига "Қаерга учяпсан. Тўхта!" деб бақиргани эшитилган.

Экспертларнинг фикрича,  учувчилар чарчоқ ёки тажриба камлиги сабабли самолётнинг ўз-ўзича манёвр амалга оширганини англай олмаган бўлишлари мумкин.

Самолёт штурвалини ўзига тортишга барча уринишлар вазиятни янада кескинлаштирган. Бундан кейин борт компьютерига иккала штурвалдан ҳам турли ҳаракатлар амалга оширилаётгани ҳақида сигналлар кела бошлаган, ваҳоланки учувчилар бир хил ҳаракатларни амалга оширган ҳолда, синхрон ишлашлари керак.

Яъни бир учувчи баландликка кўтарилмоқчи бўлганда иккинчиси аксинча баландликка кўтарилишни тўхтатмоқчи бўлган.

Мутахассислар ҳозирча учувчилардан қайси бири хатога йўл қўйгани, қайси бири уни тўғриламоқчи бўлгани борасида аниқ жавоб бера олмаяптилар.

"Самолётнинг фалокатига учувчилар ўртасида бир хил фикр бўлмагани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Самолёт тезлиги пасая бошлаганда, кабинада келишмовчилик чиққан. Самолётни бошқараётган учувчи баландликка кўтарилаётиб, тезликни оширмоқчи бўлган ва бунинг учун двигателлар иш режимини ҳавога кўтарилиш ҳолатигача оширган. Унинг шериги эса биринчи навбатда самолёт тумшуғини пасайтириб олиш керак деган фикр билдирган. У ўз шеригига "Тўхта. Қаерга? Тўхта. Тўхта" деб уни ақл билан иш қилишга чақирмоқчи бўлган ва шу билан бир вақтда штурвални ўзидан итариб, баландликка кўтарилишни тўхтатмоқчи бўлган", деб айтди манба.