Хитойнинг Куинан шаҳрида бокс бўйича XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун Осиё ва Океания қўшма лицензион чемпионати бошланди.

Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, дастлабки кун бўлиб ўтган мусобақаларда ҳамюртларимиздан Ёдгорой Мирзаева (-51 кг) ғалаба қозонди. У индонезиялик Биатрикс Сугурога қарши ўтказиб 2:0 ҳисобида зафар қучди. Энди Ёдгорой чорак финалда Ри Хуанг Ми (КХДР) билан баҳс юритади. Шимолий Кореялик спортчи ушбу вазн тоифасида учинчи рақам остида сараланган бўлиб, дастлабки босқичда въетнамлик боксчини мағлуб этган эди.

Биринчи кунги баҳсларда рингга чиққан қолган икки нафар боксчи Мафтуна Мелиева (-60 кг) ва Нафисахон Асқарова (-75 кг) рақибларига имкониятни бой беришди. Мафтунахон Мелиева Таиланд вакиласига мағлуб бўлган бўлса, Нафисахон Асқарова въетнамлик Чунг Нго қаршилигини енга олмади.

Ўз вазн тоифаларида биринчи ва иккинчи рақам остида сараланган ҳамда тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан баҳсларга киришадиган Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Шахрам Ғиёсов (-69 кг) ва Элшод Расулов (-81 кг) бугун рингга чиқадилар. Оғир вазндаги чарм қўлқоп усталаримиз Рустам Тўлаганов (-91 кг) ҳамда Баҳодир Жалолов ҳам баҳсларга чорак финалдан киришади. Ушбу вазнда чорак финал жанглари 29 март кунига белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ва Океания қўшма чемпионатида ҳар бир вазн тоифасида 1-3 ўринларни эгаллаган спортчилар “Рио-2016” ўйинларининг йўлланмасига эга бўладилар.

Маълумот учун, бокс бўйича XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари, шунингдек, 13-22 май кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида аёллар ўртасида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида, 19-27 май кунлари Астана шаҳри (Қозоғистон)да бўлиб ўтадиган лицензион мусобақа ҳамда 7-19 июнь кунлари Боку шаҳри (Озарбайжон)да ўтказиладиган Жаҳон лицензион турнирида ўйналади.