АҚШ Аляска ярим оролининг жанубий чегарасига яқин Алеут оролларида жойлашган Павлов вулқони денгиз сатҳидан 6096 метр баландликдаги кул устунини отиб чиқарди, деб хабар беради Associated Press (AP).

Агентликка кўра, Павлов вулқони 28 март кунига ўтар кечаси отила бошлаган. Шунга биноан, АҚШ геологик хизмати авиация учун энг юқори, қизил даражадаги хавф туғдирувчи вулқон отилиш эҳтимолини эълон қилди.

Маълум бўлишича, вулқонга энг яқин ҳисобланган аҳоли яшаш пункти Колд-Бэй вулқон жануби-ғарбидан 60 км узоқликда жойлашган.

Павлов вулқони – Аляска штатидаги энг фаол вулқонлардан бири. Кузатув давомида 40 дан ортиқ отилиш қайд этилган. Улардан энг кучлилари 1981, 1983, 1986, 1996 ва 2007 йилларда кузатилган. Энг узоқ вулқон отилиши 1911 йили бошланиб беш йил давом этган. Сўнгги марта вулқон 2014 йили “уйғонган” эди.