АҚШ Адлия департаментида Федерал қидирувлар бюроси Сан-Бернардинода теракт амалга оширган террорчилардан бирининг смартфонини уни ишлаб чиқарган Apple компанияси ёрдамисиз оча олганини тасдиқлади. ФҚБ олинган маълумот билан стандарт тартибот бўйича ишламоқда, Apple’га қарши топширилган шикоят қайтариб олинди.

ФҚБ вакили Дэвид Баудич бюро террорчининг iPhone’ини очиб, ундаги маълумотларни олишга кўмак берган учинчи томон ҳақидаги маълумот ва техник деталларни ошкор қила олмаслигини айтди.

Баудич ўтган ҳафта давомида юқори малакали мутахассислар қурилмани очишга уриниш вақтида унга зарар етмаслигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида уни батафсил синовдан ўтказганларини маълум қилди.

Apple компанияси бошидан террорчининг смартфонини очиб беришдан бош тортган, чунки бу фойдаланувчилар шахсий маълумотларининг дахлсизлигига раҳна солиши мумкин эди. Компанияда ҳуқуқ-тартибот муассасаларига терговларда ёрдам беришга ва маҳсулотларининг хавфсизлигини ошириш билан шуғулланишга ваъда берилганди.