Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясининг А320 самолётинини гаровга олган шахс қўлларини кўтарган ҳолда самолётдан чиқиб келган ва Кипр ҳукуматига таслим бўлган. Бу ҳақда Кипр ТИВ хабарига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатди.

"Барчаси тугади. Авиақароқчи қўлга олинди", дейилади хабарда.

Рейтер хабарида айтилишича, у қўлларини кўтарган ҳолда чиқиб келган, унинг ёнида ҳеч қандай портловчи қурилма бўлмаган.

У Кипр ҳукумати билан музокаралардан кейин таслим бўлишдан аввал, самолёт бортида бўлган экипаж аъзолари ҳамда 3 нафар йўловчини озодликка чиқарган. Учувчилардан бири учувчилар хонаси ойнасидан ўзини пастга ташлаган.

Бундан олдинроқ, самолётни штурм қилиш учун бошланган ҳаракатлар бекор қилинган.

Миср бош вазири Шариф Исмоилнинг маълум қилишича, бу шахснинг хатти-ҳаракатларига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқланмади.

"Бир сафар у ЕИ вакили билан учраштиришни талаб қилди, бошқа сафар Туркияга учмоқчи бўлди, яна бир сафар Миср қамоқхоналаридан аёлларни озод этишни талаб қилди. Лекин у аниқ бир талабини баён этмади", дейди вазир.

Бундан олдинроқ, Кипр ташқи ишлар вазирлиги асл жиноятчининг исмини ошкор қилди. Аввалига у, Искандария ва Атланта университетлари профессори Иброҳим Самаҳа экани айтилганди. Кейинроқ аниқлик киритилишича, унинг исми шарифи Сайф ад-Дин Мустафо бўлиб чиқди. Самаҳанинг ўзи айбловларни рад қилиб, бортни бошқа йўловчилар билан бирга тарк этганини билдирди. Иброҳим Самаҳанинг рафиқаси ҳам эри жиноятга алоқадор эмаслигини айтиб чиқди.