Ҳаррисон Форд "Юлдузлар жанги"нинг 7-эпизодида Хана Соло ролини ижро этган, айнан шу қаҳрамонининг нимчасини сотувга қўяди.

Хайрия тадбиридан тушган маблағ эпилепсия билан касалланган беморларга ёрдам тариқасида ўтказилади. Аукцион 10 апрелда бўлиб ўтади.

Лотнинг бошланғич нархи — 33 минг доллар. Бу нимча бош қаҳрамонлардан бири бўлган Хана Соло образининг бир қисмидир.

Март ойида Today нашрига берган интервьюсида Форд унинг 25 ёшли қизи Жоржия болалигидан эпилепсиядан азият чекаётганлигини айтган. Шифокорлар аввал унга нотўғри ташхис қўйишган, бир неча йил мигренга қарши курашувчи дори воситаларини қабул қилган. Ҳозирда у NYU Langone тиббиёт марказида доимий назоратда туради. Форднинг нимчасидан тушадиган маблағ ана шу марказга ўтказилади.

"Юлдузлар жанги" — режиссёр Жорж Лукаснинг фантастик киноэпопеяси. Унинг оригинал учлиги 1977-1983 йиллар оралиғида, кейинги учлиги эса 1999-2005 йиллар оралиғида экран юзини кўрган. Еттинчи фильм — "Кучга кириш" янги учликнинг бошланиши бўлиб, 2015 йилнинг 17 декабрида Россия прокатига чиққан, унинг давоми 2017 йилда суратга олинади.