Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 3-саралаш босқичига муддатидан аввал йўл олди

Спорт 29 Март 2016 595

Бир неча вақтдан кейин бошланадиган, ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019 саралаши доирасидаги Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалари учрашувида қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар ўзбекистонликлар кейинги босқичга чиқиши ойдинлашди.

Айни дақиқага келиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган турлардаги очколари эвазига ЖЧ-2018 саралашининг навбатдаги босқич йўлланмасини расман қўлга киритиб бўлган.

"В" гуруҳидан ўрин олган Австралия-Иордания баҳсида мезбонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва иорданияликлар кейинги босқичда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Натижада Ўзбекистон бугун мағлубиятга учраб, ўз гуруҳида 2-ўринни эгалласа ҳам назарий жиҳатдан энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та жамоа сафига киради. Яъни, 2-ўринни эгаллайдиган жамоаларнинг камида 4таси Ўзбекистондан пастда бўлади.

Шунингдек, Сурия терма жамоаси ҳам муддатидан аввал навбатдаги босқич йўлланмасини ҳал қилиб бўлган. Сурияликлар айни паллада Япония билан сафарда ўйнамоқда.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 3-саралаш босқичига 12 апрель куни қуръа ташланади. Унда Осиёнинг энг кучли 12 жамоаси икки гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб боради. 

Кўпроқ янгиликлар