Ўзбекистон саноатида электр энергетика улуши 7,5 фоизгача ошди

Иқтисодиёт 29 Март 2016 827

2015 йилда Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришида электр энергетика улуши 7,5 фоизгача ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси хабарида маълум қилинди. 2014 йилда бу кўрсаткич 6,9 фоизни ташкил қилганди.

Статистиканинг кўрсатишича, 2015 йилда ушбу тармоқ деярли 6,9 трлн сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқарган. 2014 йилда бу кўрсаткич 5,3 трлн сўмни ташкил қилган.

"Ўзбекэнерго" ДАК маълумотларига кўра, компания электр станциялари 2015 йилда 55,5 млрд кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарган. Бу аҳоли жон бошига 1,7 минг кВт-соат электр энергияни ташкил қилади.

2015 йилда электр энергия ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансига кўра, электр энергетика тармоғи томонидан 55,7 млрд кВт-соат электр энергия, жумладан 50,5 млрд кВт-соат электр энергияни иссиқлик станциялари ва 5,1 млрд кВт-соат электр энергияни гидроэлектростанциялар ёрдамида ишлаб чиқариш мўлжалланганди.

Ўзбекистон энергетика тизимининг асоси бўлиб умумий қуввати 11 млн кВт ни ташкил қилувчи 7 та иссиқлик электростанцияси ҳисобланади. Улар умумий электр энергиянинг 90 фоизигача қисмини ишлаб чиқаради ва Ўзбекистон аҳолисига кафолатланган энергия етказишни таъминлайди.

Компаниянинг умумий қуввати 1,4 млн кВтни ташкил қилувчи 28 та гидроэлектростанцияси асосан ГЭСлар каскадига бирлашган ва сув оқимида ишлайди.

"Ўзбекэнерго" ДАК электр тармоқлари узунлиги 250 минг км дан кўпроқни ташкил қилади, бу республикадаги барча истеъмолчиларни марказий электр таъминоти зонасига жалб қилишга имкон беради.

Кўпроқ янгиликлар