Бугун юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон!

То абад ана шу неъматни кўз қорачиғидек асраш учун ҳар биримиз масъулмиз. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да бўлиб ўтган “Юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашга ҳар биримиз масъулмиз” мавзусида давра суҳбатида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда партиянинг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Республика хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вакиллари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Маълумки, бугунги кунда диний экстремизм ва халқаро терроризм инсоният учун катта муаммога айланиб бормоқда. Беқарорлик келтириб чиқаришдан манфаатдор бўлган кучлар домига тушуб қолаётган, уларга билиб-билмай эргашаётган ва тинчлигимизга раҳна солишга уринаётганлар сафида эса юртимиз фуқароларининг ҳам борлиги ҳар биримизни янада огоҳ бўлишга, бузғунчи ғояларга қарши ҳамкорликда курашишимиз лозимлигини кўрсатиб турибди. Президентимизнинг “Бундай ғаразли кучларнинг асосий нияти – ҳали ҳаётий тажрибаси, сиёсий-ижтимоий савияси етарли бўлмаган, содда ва ғўр ёшларни йўлдан уриш, ўзининг қабиҳ ниятлари йўлида фойдаланиш эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Фақатгина мустақил фикрлайдиган, иймон-эътиқоди мустаҳкам, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган эзгу қадриятларга садоқатли бўлган инсонгина бундай қутқуларга учмаслиги, тўғри йўлдан адашмаслиги мумкин. Бунинг учун, албатта, биринчи навбатда фарзандларимизни юксак билим ва маънавий фазилатлар билан қуроллантиришимиз лозим” дея билдирган фикрларидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг билим ва тафаккурини бойитиш, мафкуравий хуружларга қарши курашиши ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ҳам ахборот хуружи хавфи ортиб бораётган ҳозирги шароитда унга қарши курашишда жамиятнинг ижтимоий бирдамлигини кучайтириш жуда муҳим эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, партиянинг барча бўғинларида турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилиб, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Сир эмаски, юртимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, фарзандларимиз маънавий оламини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш асосида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, таълим, спорт соҳасига қаратилаётган эътибор, ижтимоий соҳанинг ривожланиши йўлида амалга оширлаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Аммо, юқорида санаб ўтилган масалаларнинг мавжудлиги ёшлар тарбияси, эркин фуқаролик жамиятининг асосий шарти бўлган аҳолининг сиёсий маданияти, ҳуқуқий онгини ошириш кенг кўламли масала эканлигидан далолат бериб турибди.

Бу эса, мазкур вазифаларга бугун нафақат давлат идоралари, балки фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар катта масъулият билан ёндашиши, бу борада яратиб берилаётган ҳуқуқий имкониятлардан кенг фойдаланиш, тарғибот ишларига янгича ёндашиш талаб этилади.

Жойларда партия томонидан ташкил этиладиган мафкуравий йўналишдаги тадбирларда диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашиш бўйича аҳолини, айниқса, ёш авлодни тинчликсеварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, кучли мафкуравий иммунитет ва юксак маънавиятга эга шахс сифатида вояга етказиш, ёшларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, уларда ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий билимларини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда диний экстремизм ва терроризм муаммоси нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини, балки кенг жамоатчиликни ҳам ташвишга солаётганлиги, ушбу жиноят ҳар бир инсоннинг олий қадрият сифатида эътироф этиладиган шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига хавф туғдираётганлигини инобатга олган ҳолда, унга қарши курашиш биргина ҳуқуқ-тартибот идоралари эмас, балки фуқаролик жамиятлари институтлари, жамоат ташкилотлари, қолаверса, ҳар бир фуқародан фаоллик ва огоҳликни талаб этиши алоҳида таъкидланди..

– Бугунги кунда мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, шунингдек, Бош қомусимизга мувофиқ, ҳеч бир фуқаро қийноққа солинмаслиги, ҳамда унинг қадр-қимматини камситмаслик, зўравонлик ва шафқатсизлик каби ҳолатларга йўл қўйилмаслиги кафолатланган,– дейди ХДП Марказий Кенгаши мафкуравий масалалар бўлими масъул ходими Сирожиддин Шоназаров.– Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, эзгулик ва бунёдкорлик ғоялари билан яшаётган аҳолини бир мақсад атрофида бирлаштириш, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, зарарли ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни кучайтириш, унинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш ташкил этилган давра суҳбатининг асосий мавзуси бўлди.

Давра суҳбати иштирокчилари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича масъул ходими Миродил Ҳайдаровнинг “Диний экстремизм ва терроризм – жамият тараққиётига таҳдид”, Олмазор туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлари қўмитаси раиси Муқаддам Расулованинг “Ёшларни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишда Хотин-қизлар қўмитасининг ўрни” мавзуидаги маърузаларини қизиқиш билан тингладилар.

Шу мавзуни ўзида акс эттирган видеофильмни тадбир иштирокчилари ҳаяжон билан томоша қилдилар.

Давра суҳбати иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олдилар.

Дилноза Абдуллаева,
ЎзМУ Журналистика факультети талабаси