2016 йилнинг 13 апрель куни Корея Республикасида парламент сайловлари ўтказилади. Мамлакатнинг хорижда яшаётган фуқоролар учун овоз бериш имконияти яратилди. Шу сабабли бугун жаҳон мамлакатлари бўйлаб сайлов участкалари ишга тушди. Сайловларга Янги Зеландияда старт берилди. Бу ерда Австралияда истиқомат қилаётган 2 минг 900 нафар ва Янги Зеландияда яшаётган 1 минг 300 нафар Жанубий Корея фуқороси овоз бериши кутилмоқда. Хитой ва Японияда 10 та сайлов участкаси очилган бўлиб, “осмон ости мамлакати”да 21 минг 600, “кун чиқар юрт”да эса 29 минг 300 киши овоз беради.

Жанубий Корея парламентига хорижда ўтадиган сайловлар олти кун давом этади. Умумий ҳисобда 113 та мамлакатда сайлов участкалари ишлаб турибди. Бу ерларда 154 минг киши овоз бериши керак. Бу умумий сайловчиларнинг 7,8 фоизи демакдир. Айни дамда Парламент сайловларига 943 киши ўз номзодини кўрсатган. Номзодларнинг 26 фоизини хукмрон “Сэнури” партиясининг, 24 фоизини эса мухолифатдаги Бирлашган демократик (“Тобуро минчжудан”) партиясининг, 18 фоизини эса Халқ партиясининг, 5 фоизини Адолат партиясининг, 10 фоиздан ортиғини эса 24 та кичик партияларнинг вакиллари ташкил қилади. 14,5 фоиз номзод сиёсий партиялар эмас, балки мустақил номзод сифатида сайловларда иштирок этмоқда. Корея Республикасининг парламенти — Миллий йиғин бир палатали бўлиб, 300 нафар депутат фаолият юритади.