АҚШ йўл хавфсизлиги суғурта институти (IIHS) илк бора автомобиль ташқи ёриткичларини синовдан ўтказди. Тун вақтида ўтказилган тестда 31та машина қатнашган. Экспертлар ихтиёрига жами 82 хил чироқлар намунаси ҳавола этилган.

IIHS мутахассислари, бешта ҳолатда чироқларнинг йўлни ёритиш даражасини аниқлашди. Бунда узоқ ва яқинни ёритиш хусусиятлари эътибордан четда қолмаган.

Махсус ускуна воситада ёритқич чироқлари таратаётган ёруғлик ўлчаниб, назарий жиҳатдан энг яхши чироқ кўрсаткичига таққосланган.

Шундай қилиб, биринчи ўринни компактвэн Toyota Prius эгаллади. Бунда, унинг энг қиммат модификациясига ўрнатилган узоқни ёритишдан яқинни ёритишга автоматик тарзда ўтувчи нусхаси юқори баҳоланган. Гибриднинг арзон моделларининг чироқларига IIHS паст балл қўйган.

IIHS маълумотларига кўра, BMW 3-Series машиналарига ўрнатиладиган галоген чироқлар сифати энг паст деб баҳоланган. Умуман олганда, америкалик экспертларнинг 3-Series диодли чироқларидан ҳам кўнгли тўлмаган.

2015 йил охирларида, IIHS томонидан ўтказиладиган краш тестларда юқори балл олиш учун, бош ёриткичларда мослашувчи чироқлар бўлиши шарт этиб қўйилиши маълум қилинган эди. Бундай баҳолаш тизими, 2017 йилдан бошлаб амал қилиши кутилмоқда.