Бразилия демократик ҳаракати партияси (PMDB) 29 март куни мамлакат ҳукумати таркибидан чиқди, вазирлар маҳкамасида вазир лавозимини эгаллаган партия аъзолари истеъфо беришлари керак бўлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилган.

"PMDB партиясининг Меҳнаткашлар партияси билан тузилган коалиция таркибидан чиқиши, мухолифатнинг президент Дилма Русефга импичмент жараёнини бошлаш имкониятини кучайтиради", деб хабар қилади AFP.

Коалициядаги ўзгаришлардан сўнг, Дилма Русеф ядро хавфсизлиги бўйича Вашингтон саммитига бормасликка қарор қилди.

Ҳукумат таркибида фуқаро авиацияси вазири лавозимини эгаллаган PMDB аъзоси Элизеу Падильянинг AFPга айтишича, Бразилиянинг янги ҳукумати «уч ойдан кам бўлмаган муддат»да шакллантирилади. Унинг сўзларига кўра, PMDB партиясининг парламент қуйи палатасидаги 69 нафар депутатидан 60 нафари Русеф хонимнинг алмаштирилиши тарафдори ҳисобланади.

AFP хабарларига қараганда, айни пайтда Меҳнаткашлар партияси депутатлар билан Русефга қарши импичментни бошламаслик хусусида алоҳида музокаралар олиб бормоқда. Ташаббусни тақиқлаш учун эса, парламентнинг жами 513 нафар депутатидан 171 нафари қарши овоз бериши кифоя қилади. Социал-демократик ва Тараққиёт партиялари ҳам шу ҳафта ичида коалиция таркибидан чиқиш ёки чиқмаслик масаласига ойдинлик киритишади.

Агар парламент қуйи палатаси импичментни маъқулласа, Сенатнинг учдан икки қисми ҳам Русеф истеъфосини қўллаб-қувватлайди.

Маълумки, 2015 йилнинг декабрида Бразилия парламенти қуйи палатаси, президент Дилма Русефга нисбатан импичмент жараёнини бошлаган эди. Бунга 2003-2010 йилларда Petrobras нефть компаниясидаги коррупция билан боғлиқ суриштурув якунлари сабаб бўлган. Ўша пайтларда Дилма Русеф айни компания директорлар кенгашини бошқарган. Президентга қарши импичмент жараёнига рухсат берган қуйи палата спикери Эдуарду Куньянинг ўзи ҳам Petrobras иши бўйича кўрсатмалар бермоқда.