Бухоро вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги Божхона кодекси мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Ғ.Носиров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий иқтисодиётимизда ўрни тобора ортиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг шароит ва қулайликлар яратилаётганини, соҳанинг қонунчилик базаси такомиллаштирилаётганини, янги таҳрирдаги Божхона кодексининг ўзига хос жиҳатларини алоҳида таъкидлади.

Ушбу ҳужжат божхона ишининг ягона қонунчилик базасини халқаро стандартларга мос равишда шакллантириш, ҳуқуқий норма ва ёндашувларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

– Мамлакатимизда экспортчи субъектлар фаолияти қўллаб-қувватланиб, уларга божхона имтиёзлари берилган. Бундан ҳар йили ташқи бозорга кўплаб қурилишбоп гипсокартон жўнатадиган корхонамиз ҳам катта фойда кўраётир, – дейди “Кнауф гипс Бухоро” корхонаси экспорт-импорт масалалари бўйича мутахассиси Ғ.Нутфуллаев. – Янги таҳрирдаги Божхона кодексида божхона расмийлаштируви жараёнлари муддатини қисқартириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этишнинг ҳуқуқий асослари тартиби белгилангани ҳам вақтни тежайди. Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, бевосита корхонадан туриб экспортни электрон декларация орқали расмийлаштириш имкониятига эгамиз.