Британиянинг Daily Mail нашри ёзишича, Бирлашган қироллик охирги тўққиз йил мобайнида Европа Иттифоқининг турли мамлакатларидан келган 1,6 миллиондан ортиқ инсонни ўз бағрига олган.

Нашрнинг қайд этишича, 2006 йилдан 2014 йилгача ташкилот ичида тўсиқсиз ҳаракатланиш қоидасига кўра, кунига 500 нафар меҳнат муҳожири Британияга кириб келган. Бунинг натижасида ижтимоий инфратузилмалар юкламаси кескин ошгани мамлакат раҳбариятининг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Британиянинг бандлик масалалари бўйича кичик вазири Прити Пателнинг айтишича, «иммиграциянинг юқори даражаси туфайли вужудга келган босимга уй-жой фонди, таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш соҳаси дош бера олмаяпти».

Унинг сўзларига кўра, ЕИ таркибидан чиқиш билан Буюк Британия чегара назоратини кучайтиради ва муҳожирлар оқимини меъёрига келтиради.

Айтиш жоизки, муҳожирларнинг кўпайиши билан ишчи кучи арзонлашмоқда ва маҳаллий британияликларнинг иш ҳақи кескин тушиб кетмоқда.

Шу йилнинг 23 июнида Буюк Британиянинг ЕИга аъзолигига ойдинлик киритувчи референдум ўтказилади.

Бундан аввал, Британия ташкилот таркибидан чиқадиган бўлса, 145 млрд доллар зарар кўриши айтилган эди.