Россиянинг Амур вилояти Мазанов тумани жарроҳлик бўлими ҳамшираси шифокорлик сирини бузгани учун ишидан бўшатилди, деб хабар берилмоқда вилоят прокуратураси сайтида.

Маълум бўлишича, 2016 йил 14 февралда касалхонанинг қабул бўлимига ўқотар жароҳат билан маҳаллий фуқаролардан бири олиб келинган.

"Беморга тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида жарроҳлик бўлими ҳамшираси унинг розилигисиз уни суратга олган. Сўнгра ҳамшира WhatsApp орқали беморнинг суратини ўзининг танишига юборган, у эса бу суратни интернетга жойлаштирган. Шу сабабли беморнинг сурати чекланмаган миқдордаги одамлар ихтиёрига ҳавола этилган", дейилмоқда хабарда.

Таъкидланишича, шартномага кўра, ҳамшира шифокорлик сирини ошкор этмаслиги, жумладан беморни унинг розилигисиз суратга олишга ҳақли эмасди.

Текширув натижаларига кўра ҳамшира ўз лавозимидан бўшатилди, катта ҳамшира эса ҳайфсан олди.

Россиялик тиббий ходимлар томонидан бундай ҳолатга биринчи бор йўл қўйилаётгани йўқ: аввалроқ Нижний Тагил касалхонасида ҳамшира операция вақтида бемор фонида суратга тушиб, уни интернетга жойлаштиргани маълум қилинганди.