Швециянинг Лундс университети биология факультетида фаолият юритувчи докторант Лина Николерис ўзининг докторлик диссертациясида ҳомиладорликдан сақловчи дори воситаларидаги эстроген моддасининг сув ҳайвонларига салбий таъсир ўтказаётганини таъкидлади. Унинг олиб борган изланишлари этинилэстрадиола (EE2) гормонининг балиқлар ва уларнинг генетикасига қандай таъсир ўтказаётгани билан боғлиқ.

Этинилэстрадиол гормони кўплаб орал контрацептивлар таркибида бўлиб, у эстрогенлар фармокологик гуруҳига киради. ЕЕ2 эндометрий пролиферациясини чақиради, бачадоннинг ҳамда иккиламчи аёл жинсий белгиларининг ривожланишини таъминлайди, суяк тўқималарининг мустаҳкамлашда иштирок этади.

Лина Николериснинг маълум қилишича, инсон турмуш тарзи натижасида ЕЕ2нинг ҳаттоки энг кам миқдорда атроф-муҳитга чиқинди сифатида чиқиши гидробионтларнинг (сув жонзотлари) ўзини тутишига, генетикасига таъсир кўрсатишни бошлайди. Сув жонзотларининг ем топишлари қийинлашади, насл қолдиришда муаммоларга дуч келинади. Буларнинг барчаси, докторнинг сўзларига кўра, бутун экотизим учун глобал аҳамиятга эга, хусусан балиқлар популяциясиниг буткул йўқолишига олиб келиши мумкин.

Балиқлар инсонларга қараганда кўпроқ эстрогенларга эга, бу уларни сувдаги эстрогенларга сезувчанлигини оширади. Илмий изланишда уч хил балиқ кузатилди: булар лосось, кумжа ва плотва балиқлари бўлиб, улар иқтисодий жиҳатдан энг аҳамиятли балиқ турлари ҳисобланади.

Лина Николерис бу ҳақида акушер-гинекологларни ҳам сўроққа тутиб, уларнинг етарли билимга эга эмасликларини аниқлади. Шунингдек, у инсоннинг атроф-муҳитга таъсири аҳамиятга молик муаммо эканини таъкидлади. Шунинг учун ҳам доктор туғилишни назорат қилишда юқоридаги омилларни ҳам инобатга олишни маслаҳат қилди.