Корея республикаси президенти Пак Кин Хе Шимолий Америкага 8 кунлик сафар уюштиради. У минтақага ташрифи давомида 31 март-1 апрель кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган ядро хавфсизлиги масалаларига бағишланадиган халқаро анжуманда иштирок этади. Шундан сўнг, Мексикага расмий ташриф билан боради. Бу ҳақда Корея президенти маъмурияти вакили маълум қилган.

Пак Кин Хе ядро хавфсизлиги саммити чоғида бойитилган урандан фойдаланишни қисқартириш, ядровий материаллар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг тарқалишига қарши кураш ҳамда ядровий терроризмнинг олдини олиш чораларига оид масалаларни муҳокама этади.

Жанубий Корея раҳбари шунингдек, АҚШ президенти Барак Обама, ХХР раиси Си Цзиньпин, Япония бош вазири Шиндзо Абэ билан икки томонлама музокаралар ўтказади. Бундан ташқари, Ж. Корея, АҚШ ва Япония давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Саммит давомида Пак Кин Хе Аргентинанинг янги президенти Маурисио Макри билан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва алоқаларни кучайтириш муаммоларини муҳокама этиши режалаштирилган.

2 апрель куни эса, Корея республикаси президенти 4 кунлик расмий ташриф билан Мексикага боради. У ҳамкасби Энрике Пенья Ньето билан иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратади.