Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президентнинг Вашингтондаги ядро хавфсизлиги саммитида иштирок этиш президент иш графигига киритилмагани, бунга эса саммитга тайёргарлик жараёнидаги муҳокамаларга Россиянинг жалб этилмагани сабаблигини маълум қилди.

"Ядро хавфсизлиги мавзуси ўта долзарб, шу билан бирга, Москва ушбу йўналишдаги масалаларнинг кўриб чиқилиши умумий ва ўзаро уринишлар, дастлабки жараёнда манфаатлар ва қарашларнинг инобатга олинишини англатади, деб ҳисоблайди. Саммит мавзуси ва кун тартибидаги масалаларни олдиндан кўриб чиқиш чоғида ўзаро боғлиқликни сезмадик. Шу сабабли Россия томони мазкур анжуманда иштирок этмасликни маъқул кўрди", деган у.

Бундан олдинроқ, Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россиянинг саммитга бормаслигини билдириб, буни россиялик олий шахсларнинг иштирокини талаб қилувчи ҳеч қандай "қолиб кетаётган муқаррар қарорлар" йўқлиги билан изоҳлаган эди. У, шунингдек, Россия тадбир концепциясидан норози эканлигини айтди: хусусан, саммит доирасида МАГАТЭ, БМТ, Интерпол ва бошқа ташкилотлар учун "кўрсатмалар" ишлаб чиқиш таклиф этилади. Захарованинг айтишича, бундай тавсиялар чекланган гуруҳ томонидан ўз манфаатларини халқаро ташкилотларга юклаш учун уриниш бўлади ва бу Россия томонидан номақбул деб ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, Россия бундан олдин бўлиб ўтган барча саммитларда иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Ядро хавфсизлиги бўйича саммит 2010 йилда Вашингтонда, 2014 йилда Сеулда ва 2014 йилда Ҳаагада ўтказилган.

Ҳисоб бўйича тўртинчи саммит 31 март-1 апрель кунлари Вашингтонда ўтказилиши режалаштирилган.

Оқ уй вакили, АҚШ президенти маслаҳатчиси Бен Родс журналистлар билан суҳбат чоғида "Россиянинг ядро хавфсизлиги саммитида қатнашмаслигини ўз-ўзини яккалаб қўйиш" деб атаган.

Россия ТИВ вакили Михаил Ульянов эса Оқ уйнинг бундай дейишга ҳақли эмаслигини билдирган.

"Россия дунёда ядро хавфсизлигини таъминлаш борасида етакчи ўринда турувчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Биз бу масалада ҳал қилувчи мамлакатлардан биримиз. Биз ҳақимизда "ўз-ўзини яккалаб қўйиш" иборасини қўллаш эса сиёсий зўракиликдир", деган у.