Беларусь президенти Александр Лукашенконинг ишонч билдиришича, АҚШ маъмурияти Украинадаги зиддиятга чек қўйиши мумкин.

Унинг айтишича, бунинг учун хоҳиш бўлса кифоя қилади.

Лукашенко 30 март куни АҚШ мудофаа вазири ёрдамчисининг ўринбосари Майкл Карпентер билан ўтказган учрашувида шундай фикрни билдирган.

"АҚШ Украина шарқидаги уруш тўхташини хоҳласа, эртанинг ўзида шу мақсадда бир неча қадам қўяди, қарабсизки, жанговар амалиётлар барҳам топиб турибди", - деган Лукашенко.

Унинг айтишича, "норманд тўртлиги"нинг Минскдаги саммитидан аввалроқ, у музокараларга АҚШни ҳам жалб этиш лозимлигини билдирган. Беларусь раҳбари шунингдек, бугунги кунда шарқий Европада хавфсизликни таъминлаш долзарб вазифалардан бири эканини таъкидлаб, "бу соҳада Америка иштирокисиз ютуққа эришиш мумкин эмас" деган фикрни илгари сурган.