Ҳиндистоннинг марказий қисмида махсус кучларнинг 7 нафар ходими маоий-жангарилар томонидан қўйилган минада портлаб кетди. Бу ҳақда "Синьхуа" ахборот агентлиги маълум қилди.

Фавқулодда ҳодиса Чхаттисгарх штатида юз берди. Бу ердаги ўрмонларда наксалийлар (бу ерда улар маоийлар – Ғарбий Бенгалия штатидаги қишлоқлардан бирининг номи билан аталади) яширинади.

Ҳиндистон Компартияси (маоийлар) 2009 йилда Ҳиндистон ҳукумати томонидан қонунга хилоф деб эълон қилинган ҳамда террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган. Қуролланган бандит тўдалари "қизил камар" деб номланувчи ҳудуд (Бихар, Чхаттисгарх, Жаркханд, Одиша штатлари, Махараштра шарқи) жунглиларида яширинишади. Улар ҳукуматга қарши кураш олиб боради ва маҳаллий қишлоқлар, давлат ҳокимияти вакиллари, ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига ҳужум қилишади.

Ҳиндистон ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, охирги 10 йил ичида маоийларнинг етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардаги 500 га яқин лагерида камида 40 минг жангари тайёргарчиликдан ўтган. Улар партизанча уруш олиб бориш усулларига ўргатилган.
1980 йилдан бери маоий-жангарилар ҳужумидан 20 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, уларнинг аксариятини тинч аҳоли ташкил қилади. Энг кўп қурбонлар 2010 йилда бўлган, ўшандаги тўқнашувлар 1,1 минг кишининг ҳаётини олиб кетган. 2014 йилда 600 киши маоийларнинг қурбонларига айланган.