Россия пойтахти Москвадаги «Молния» болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Виктор Кубишкин, минтақавий чемпионати доирасидаги «Спартак-2» жамоасига қарши учрашувда шогирдларидан жанжал уюштиришни сўрагани учун лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда «360 Подмосковье» телеканали Москва футбол федерацияси президенти (ФФМ) Сергей Анохинга таяниб хабар тарқатди.

Спорт функционери берган маълумотга кўра, мураббийни четлатиш бўйича Москомспортнинг йиғилиши қарор қилинган. 31 март куни маҳаллий футбол идораси тартиб-интизом қўмитаси Кубишкинни бутун умрга футболдан четлатиш масаласини кўриб чиқади.

Анохиннинг аниқлик киритишича, мазкур воқеалар тасвирланган видео 2016 йилда эмас, 2014 йилда тасвирга туширилган. Видеоёзувда мураббий шогирдларидан жанжал чиқара олишмаётганидан норози бўлиб айтган гаплари ўрин олган.

Мураббийнинг ўзи эса мазкур воқеалар нега орадан икки йил ўтиб тарқалганига ҳайрон бўлиб, ўша пайтда тушкун ҳолатда эканини, бироқ ҳаммасидан афсусда эканини билдирган.