Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайернинг баёнот беришича, Марказий Осиё минтақаси стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир. Маълумки, Германия ташқи ишлар вазири 29 март кунидан минтақага ташрифини бошлади. У сафари мобайнида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлади.

Штайнмайер ушбу мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашади.

Музокараларда, икки томонлама алоқаларга оид масалалардан ташқари, терроризмга қарши кураш, минтақавий ва ЕХҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорлик муаммоларига эътибор қаратилади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси сифатида Штайнмайер шунингдек, ташкилотнинг минтақадаги фаолияти хусусида кенг тасаввур ҳосил қилиш ниятида.

У билан бирга, минтақа мамлакатларига Германия Бундестаги депутатлари, иқтисодий ва маданий соҳа вакиллари ҳам ташриф буюрадилар.

«Марказий Осиё стратегик минтақадир. Кўп ҳолларда халқаро ҳамжамиятнинг эътиборидан четда қолаётган бу ҳудудда, Россия, Хитой ва Эрон каби йирик давлатларнинг манфаатлари тўқнаш келади», — деб қайд этган Германия ташқи ишлар вазири.

«Бу ерда, улкан иқтисодий имкониятлар билан бирга барқарорликка қарши сабаблар сақланиб қолаётгани бизни бефарқ қолдира олмайди. Айни чоғда, Марказий Осиё мамлакатлари билан ижтимоий-маданий ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Шунинг учун ҳам, Германия ва ЕХҲТ минтақада фаол иш олиб бормоқда», — дея баёнот берган Франк-Вальтер Штайнмайер.