Classic Driver эълонлар сайтида қўйилган маълумотларга кўра, 1986 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz SL русумли купе савдога қўйилган.

Автомобиль Формула-1 пойгаларининг 7 карра чемпиони Михаэл Шумахерга тегишли. У, Шумахернинг илтимосига биноан, AMG ательесида қайта ишланган. Сотувчининг таъкидлашича, ушбу автомобиль AMG жамоаси томонидан янги двигатель ўрнатилган 3та машинадан биридир. Шумахер буюртмасига кўра, завод томонидан ўрнатилган 5,6-литрли 227 от кучига эга V8 мотори, 300 от кучидан кўпроқ қувват берувчи V6 агрегатига алмаштирилган.

Машина реставрацияси билан AMG нинг собиқ инженери Пано Аврамидис шуғулланган. Машина тўқ кўк рангга қайта бўялган. Қўшимча равишда орқа ўриндиқлар ўрнатилган ва машина салони тикиб чиқилган. Унинг қанча масофа юргани маълум эмас.

Ўтган йилнинг декабрь ойида AMG томонидан қайта ишланган ноёб Mercedes-Benz SEC купеси кимошди савдосига қўйилган эди. Унинг оригинал мотори ҳажми 5,6 литрдан олти литргача кучайтирилган ва 385 от кучига эга бўлган. Автомобиль 1989 йили ишлаб чиқилган, ўшанда AMG фирмаси “Мерседес Бенц” таркибига кирмас ва ушбу компания маҳсулотларига мустақил равишда ўзгартириш киритар эди.

2016 йил январида Mercedes-Benz SEC, Аризона штатида бўлиб ўтган RM Sotheby's аукционида 154 минг долларга сотилган. 1990-йиллар бошида купени 200 минг долларларга харид қилиш мумкин эди.