Сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Словенияда ўтказилган халқаро турнирда 5 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Йигирмага яқин давлатдан тўрт юзга яқин спортчи иштирок этган турнирнинг 100 ва 200 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Хуршид Турсунов маррага биринчи келиб, иккита олтин медалга сазовор бўлди. 50 ва 100 метрга брасс усулда сузиш баҳсларида қатнашган Владислав Мустафин ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Комплекс усулда сузиш баҳсларида Алексей Дерлюгов 400 метр масофада биринчи, 200 метр масофада иккинчи бўлди. Даниил Тулупов 50 метрга эркин усулда сузиш бўйича кумуш, 100 метрга эркин сузишда бронза медаль билан тақдирланди.

Умидли спортчилардан Нурулло Ғуломқодиров 200 метрга баттерфляй усулда сузишда иккинчи, Алексей Тарасенко 200 метрга эркин усулда сузишда учинчи ўринни эгаллади.