Тошкент шаҳри ҳокимлиги шаҳарда 802та трамвай борлиги ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон 30 Март 2016 625

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов 28 март куни йўл транспорт соҳасидаги янгиланишлар изоҳига бағишланган матбуот анжуманида келтирилган баъзи рақамлар ОАВда бузиб кўрсатилгани, аслида Тошкент шаҳрида нашрларда, хусусан kun.uz сайтида ёзилгани каби 802та эмас, балки 87та трамвай борлигини маълум қилди.

У "Тошшаҳартрансхизмат" компаниясига асосланиб маълум қилишича, 87та трамвайдан 51таси ишга яроқли ҳисобланади.

"Ушбу трамвайларнинг кунлик иш ҳажмидан келиб тушадиган даромадга нисбатан қилинаётган харажат икки баробар ортиққа тушмоқда, янада аниқроқ айтиладиган бўлса, бир йўловчига хизмат кўрсатиш таннархи 2 864 сўмни ташкил этаётир. Улар ўрнига автобусларнинг қўйилиши билан харажатлар ва даромадлар балансига эришиш, яъни харажат ва даромадлар ҳажми тенглашиши кутилмоқда", — дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари.

28 март куни kun.uz сайтида шаҳар трамвай паркида 802 трамвай борлиги, улардан 752таси ишга яроқли экани ва улар, Тошкентда барча трамвай йўналишлари ёпилиши муносабати билан, хориж мамлакатларига сотиб юборилиши ҳақида хабар қилинганди.

Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари бундай хабарларни узатишда шошқалоқликка йўл қўймасликни сўраган.

Кўпроқ янгиликлар