Тошкентдаги Нурафшон кўчаси Беруний кўчаси билан кесишмадан Уйғур кўчасига ва ундан Чилонзор-Оқтепа майдонига узайтирилади. Бу ҳақда 28 март куни автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, баъзи йўналишлардаги трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов маълум қилган.

«Бу эса ушбу оралиқдаги бўш турган майдон ва кўчалар ҳамда бир қатор аҳоли хонадонларининг бузилиши ҳисобидан амалга оширилади. Уйлари бузилишга тушадиган хонадон эгалари ўз вақтида бу ҳақида огоҳлантирилган ва уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланган», — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов.

Ушбу йўлнинг Оқтепага туташиши натижасида мазкур майдондаги кўприкка тушадиган юклама ортади, шу сабабдан мазкур йўл ўтказиш нуқтасида ҳам реконструкция ишлари амалга оширилади. Бу йўл Муқимий кўчаси бўйлаб давом этиб, Шота Руставели кўчаси билан кесишади ва бу ерда ҳам йўл ўтказгич қурилади.

«Пойтахт йўлларидаги шу ва яна бир қатор қурилиш ва йўлларнинг узайтирилиши натижасида янги — учинчи ҳалқа йўли пайдо бўлади. Бу эса шаҳримиз марказидаги транспорт ҳаракатини анчагина маромга келтириши кутилмоқда», — дейди Ҳусан Эрматов.