Март ойнинг охирида Япониядаги Кю-Сиратаки темир йўл станциясининг тантанали ёпилиш маросими бўлди, бу станция биргина йўловчи қизни мактабга ташиш учун хизмат қилиши билан танилганди.

RocketNews24 муҳаррири ёпилиш маросимига йўл олди ва у ерда маҳаллий аҳолидан ташқари бир неча матбуот вакиллари келганлигининг гувоҳи бўлди. Темир йўл ходимлари йиғилганларни махсус палаткада меҳмон қилишди.

Охирги поезд келишидан олдин журналист станциянинг ўзини суратга олишга муваффақ бўлди. У ерда битта лампочка билан ёритилган кичкинагина ёғоч уйча ҳамда "Кю-Сиратаки станцияси, 69 йил, раҳмат" деб ёзилган баннерни кўриш мумкин.

Жадвалга кўра, поезд бу станцияда кунига тўрт марта тўхтаган.

Кю-Сиратаки билан бирга шу линиядаги яна иккита темир йўл станцияси ёпилган. Улардан бири 84 йил, бошқаси эса 87 йил фаолият кўрсатган.

Хоккайдо оролидаги ОАВ туфайли ном қозонган митти станция ўқувчи қиз учунгина ёпилмай, аввал бошда кўзланганидан уч йил ортиқ хизмат қилди.