РИА «Новости»нинг хабар қилишича, Сурия президенти Башар Асад халқаро тинчликпарвар кучларини Сурияга киритиш мантиқан ва умуман мумкин эмас, деган фикрни илгари сурмоқда.

«Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, тинчликпарвар кучлар кириши халқаро келишувларга асосан амалга ошади. Бундай келишувлар эса, давлатлар томонидан маъқулланиши ҳам талаб этилади.

Савол туғилади: қайси давлатлар томонидан? Сурия билан боғлиқ вазиятда расман ягона Сурия давлати бор. Бошқа томонлар эса, давлат ҳисобланмайди, балки террористик гуруҳлардир. Шундай экан, БМТ террористик гуруҳлар билан битим имзолай оладими? Бу умуман мантиқсиз!» —деб баёнот берган Башар Асад.

«Биз бу ишга рози бўлайлик ҳам дейлик, аммо улар қандай фаолият юритиши бўйича савол очиқ қолади. Шунинг учун ҳам бундай кучларнинг кириши имконсиз», — деб қўшимча қилган Сурия раҳбари.

Бундан аввалроқ, Асад навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказишга тайёрлигини билдирган эди.