Жасурлик, ҳалоллик, тиришқоқлик ва меҳнатсеварлик – ҳар қандай профессионал боксчини бошқалардан айнан мана шу жиҳатлар ажратиб туради. Бокс ҳам худди шахмат каби фикрлаш қобилияти ва хотирани кучайтиради. Ақлли стратегия ва тинимсиз машқлар орқали юзага келадиган тактикасиз рингда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Яхши боксчи рақибининг ҳаракатини сониялар ичида “ўқий” олади ва пухта ўйланган ҳаракатини амалга оширади. Бокс — ҳақиқий ҳаёт мактаби ва у берадиган қуйидаги бешта сабоқ ҳар бир кишига керак.
 
Ростгўй бўлиш

 
Бокс ўз хато ва камчиликларини тан олишни ўргатади, бундан бошқа илож йўқ. Рингга ёлғон фикрлар билан кўтарилиш мағлубият демакдир. Боксчи мунтазам равишда ўзининг кучсиз томонларини англаб боради. Оддий ҳаётга татбиқ этадиган бўлсак, бокс инсонни ростгўйликка ўргатади. 
 
Жасур бўлиш

 
Рингга чиқиш кишидан жасорат талаб қилади. Рингда ақл билан ҳаракат қилиш, вазиятдан унумли фойдаланиш спортчининг маҳорати юқори эканлигини билдиради. Ҳаётда қабул қиладиган ҳар бир қароримиз ҳам жасурликни талаб қилади. Инсонга жасурлик берадиган энг яхши манба эса боксдир.
 
Доимо олға юриш

 
Энг яхши стратегия — бу ҳужум. Рақиб устидан босим ўтказиш, уни нафақат зарбалар билан, балки ўз салобати билан ҳам чўчитиш ғалабага олиб келадиган қадамлардан биридир. Ҳаётда ҳам кўп муаммолар шу тарзда ҳал қилинади. Олға бора оладиган, ўзига ишонган кишиларгина ғалаба қозонишади.
 
Нокаутдан сўнг ўрнидан туриш

 
Ҳар қандай боксчи рақиб қўлқопининг зарбаси қандай эканлигини ва кутилмаган зарба қанчалик оғриқли эканлигини яхши билади. Ҳеч қачон ютқазмаганлар эмас, кучли зарбадан кейин ҳам ўрнидан тура олганлар ғолиб бўлишади. Бу хусусият оддий ҳаётда ҳам асқотади: муваффақиятсизлик ва инқирозлардан тўхтаб қолмаслик лозим, чунки улардан кейин албатта янги старт бошланади.
 
Ғалаба қозониш

 
Бокс инсонга ҳаётдаги энг муҳим нарсани ўргатади. Бокс ғалаба қозонишни ўргатади. Бу сўзларни том маънода қабул қилмаслик керак — иш юзасидан музокараларда рақибни нокаутга учратиш шарт эмас. Фақат ўз кучингизга ишонч бўлиши даркор. Рақибингизнинг нималарни ҳис қилаётганини тушуна олиш ва шунга мос равишда ҳаракат қила билиш қобилияти сизнинг муваффақиятингиз гарови бўлади.
 
Манба: xabardor.uz