Испанияда аноним қўнғироқ сабабли 3,4 тонна гашиш мусодара қилинди

Жамият 31 Март 2016 417

Испания ҳуқуқ тартибот идоралари Кадис провинциясида 3,4 тонна гиёҳванд моддани мусодара қилган. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакиллари хабар қилган.

Маълумотларга кўра, 25 март куни ўтказилган махсус амалиётга номаълум шахснинг телефон қўнғироғи сабаб бўлган. У Ла-Линеа-де-ла-Консепсьон пляжидаги резина қайиқдан гашиш туширилаётганини айтганди.

Зудлик билан етиб келган полиция ходимлари, воқеа жойида ҳеч кимни топмаган бўлсада, гиёҳванд моддалар қайси томонга олиб кетилганини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Олиб борилган тезкор чоралар натижасида 2 киши ушланган, бир нечта қурол-яроғлар ва тўртта машина тортиб олинган.

Хабарда таъкидланишича, шу йил бошидан бери, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари томонидан мазкур минтақада 10,2 тоннадан зиёд гашиш мусодара қилинган. Бу рақам, 2015 йилги кўрсаткичдан (5,5 тонна гашиш) 2 мартага кўпдир.

Кўпроқ янгиликлар