Ливиядаги Мисурат портида 2та юк кемаси портлаб кетди. Бу ҳақда Sky News Arabia хабар тарқатган.

Қайд этилишича, кемаларда қурол-яроғ ва портловчи моддалар бўлган.

Айни вақтда ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Бундан олдинроқ, 24 март куни Миллий бирлик ҳукуматининг Триполига кўчиб келиш режалари билан боғлиқ равишда Ливия пойтахтида фавқулодда ҳолат жорий этилганди.

27 март куни ҳаво кенгликлари ёпилиб, Триполи ва Мисрат аэропортларига қўниш тақиқланди.

30 март куни Триполи шаҳрида отишмалар рўй бергани ҳақида хабарлар берилганди.

Айни вақтда Фаиз Сараж бошчилигида шу йилнинг февраль ойида шакллантирилган ва 13 нафар вазир, 5 нафар давлат вазиридан иборат мазкур ҳукумат Тунисда бўлиб турибди.

Ливия пойтахтидаги жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган Халиф ал-Гвейл бошқараётган ҳукумат Миллий бирлик ҳукуматининг Триполига кўчиб келишига бир неча бор қарши чиққанди. Ал-Гвейл унинг назоратидаги мудофаа ва ички ишлар вазирлиги, шунингдек, қуролли кўнгиллилар отрядларига хавфсизлик учун зарур барча чораларни кўриш, жумладан, патрулларни кучайтириш юзасидан кўрсатма берган. Расмийлар турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар юзага келишининг олдини олиш ниятида.