Американинг энг катта қурол ишлаб чиқарувчи Lockheed Martin компанияси 12та LMH-1 гибрид дирижаблини Британиянинг Straightline Aviation компаниясига сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Lockheed Martin компаниясининг расмий вакиллари хабар беришди.

Уларнинг сўзларига кўра, Straightline Aviation компанияси шартнома шартларининг охирги батафсил келишувлари ҳақида расмий хат жўнатди. Шартноманинг суммаси 480 миллион долларга етиши мумкин. Келишувга асосан, Lockheed Martin 2018 йилдан бошлаб дирижаблларни етказишни бошлайди, 2021 йилга келиб эса бутунлай шартнома шартларини тугатишни режалаштирган.

LMH-1 ёрдамида Straightline Aviation узоқда ва етиш қийин бўлган жойларга одамларни ва юкларни етказишни ҳамда нефтегаз компанияларининг эҳтиёжлари учун фойдаланишни кўзламоқда. Россия, Жанубий ва Шимолий Америка, ҳамда Яқин Шарқ минтақаларини устувор бозорлар деб ҳисоблашмоқда.

“Улар талабгир бўлади. Чунки нефть ишлаб чиқариш инфраструктурасини яратиш учун 1 миллиард доллар керак бўлади. Шунингдек, одамларни ва юкларни ҳаво орқали нефть ишлаб чиқарувчи маконларга етказиш анча маблағни тежайди”, - дейди Straightline Aviation раҳбари Майк Кендрик мухбирларга.

LMH-1 дирижабли Lockheed Martin компаниясининг Skunk Works бўлинмаси томонидан яратилган бўлиб, 20 тонна юкни ёки 19 нафар одамни таший олади. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, гибрид дирижабллари гелий билан тўлдирилган бўлиб, кемалардан тезроқ ҳаракат қилади ҳамда самолётлар ва вертолётларга қараганда кам ёқилғи сарфлайди.