Наманган давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наманган вилоят кенгаши томонидан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ижтимоий лойиҳаси доирасида “Биз бузғунчи ғояларга қаршимиз” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутатлари, партия вилоят кенгаши вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Асосий эътибор бугунги глобаллашув даврида ёшларда ижтимоий-сиёсий жараёнларга соғлом муносабатни шакллантириш, уларга ахборот олиш ва тарқатиш борасида тушунчалар бериш, ахборот оламида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда уларда интернет тармоғидаги турли ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларга қарши ғоявий иммунитетни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

– Ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, Конституциямиз ва қатор қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Ёқубов.