Малайзия ҳуқуқ-тартибот идоралари Facebook ижтимоий тармоғида мамлакат бош вазири Нажиб Раззоқ шаънига ножўя фикрларни билдирган 26 ёшли эркакни қўлга олди. Бу ҳақда Star нашри хабар қилган.

Мамлакат коммуникациялар ва мультимедиалар комиссияси "маҳаллий янгиликлар порталининг Facebook’даги саҳифасида ҳукумат раҳбарига нисбатан таҳдидли ва ҳақоратли изоҳ қолдирилган"ини аниқлаган.

Ўтказилган текширувлардан сўнг, мобил телефон воситасида қолдирилган фикрлар эгаси аниқланган. Star’нинг ёзишича, бу 26 ёшли малайзиялик муҳандис бўлиб чиқди. Маъмурият ходимлари ушбу иш бўйича яна бир неча кишини сўроқ қилмоқчи.

Йил бошида подшоҳлик полиция раҳбари Холид Абу Бакр, ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook орқали тарқатилаётган маълумотлар жиддий назорат остига олинишини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда, Малайзияда Facebook’нинг 40 миллионга яқин фойдаланувчиси бор.

Айтиш жоизки, Малайзия Facebook, Twitter ва Google раҳбариятларидан, сохта хабарлар ва миш-мишларни тўсиб қўйишни талаб қилган эди. Ахборот ва коммуникациялар вазири Шаллеҳ Саид Кервакнинг айтишича, гарчи мазкур учта йирик компания Малайзия ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётган бўлсада, сохта маълумотлар устидан назорат кучайтирилади.