Daily Mail нашрининг хабарига кўра, олти мингга яқин муҳожир Грециянинг Пирей портига вақтинчалик жойлашган.

Кишилар кутиш залидаги полга солинган чойшабларда ётиб тонг оттиришди. Юздан ортиқ одам тунни ташқарида - чодир ёки очиқ осмон остида ўтказишди.

Юнон ҳукумати сўнгги кунларда 766 нафар қочқинни қайд этди. Бир кун аввал эса 192 нафар киши келган эди.

Улар мамлакатнинг Афинадан унча узоқ бўлмаган энг йирик порти - Пирейга келишмоқда. Қочқинларнинг аксарияти Лесбос оролидан келишмоқда.

Европа Иттифоқининг Туркия билан қочқинлар сонини камайтириш ҳақидаги келишувига қарамай муҳожирлар оқими тўхтамаяпти.