Қирғизистон марказий банки (Миллий банки) 11,85 млн долларни харид қилиш билан, мамлакат молия бозорида март ойидаги энг йирик интервенцияни амалга оширди. Бу ҳақда Қирғизистон марказий банкининг сайтида эълон қилинган.

Умуман, якунланаётган ойда Миллий банк жами 74,17 млн долларлик 11та интервенция ўтказган. 

Маҳаллий экспертлар фикрича, Марказий банк Америка валютаси курсининг пасайишини секинлаштириш мақсадида шундай чораларга қўл урмоқда. Йил бошидан бери АҚШ доллари 5 фоизга қадрсизланган.

Миллий банк раҳбари Тўлқинбек Абдиқуловнинг изоҳлашича, "бозордан фақат ортиқча долларлар сотиб олинмоқда".

"Ҳозирда миллий валютага талаб юқори бўлиб турибди. Шундай экан, долларни бошқаларнинг ўрнига Марказий банк харид қилмоқда", - деб аниқлик киритган Абдиқулов.

Бироқ, шу йил бошида Қирғизистон молия бозорида бошқача ҳолатни кузатиш мумкин эди. Январь ойида Қирғизистон марказий банки сўм курсини ушлаб туриш учун, салкам 65 миллион долларлик интервенцияни амалга оширганди.

2015 йил мобайнида қирғиз сўмининг жаҳон валюталарига нисбатан қадри 28,9 фоизга тушиб кетган, сўм курсини меъёрда ушлаб туриш мақсадида Марказий банк 373,2 миллион доллар сотишга мажбур бўлганди.