Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг кенжа қизи Алия онасининг қизлик фамилиясини олишга қарор қилди.

Март ойида Бишкекда давлат раҳбарининг кенжа қизи Алия Шагиеванинг "Метаморфозлар" номли кўргазмаси бўлиб ўтди. У суратлар савдосидан тушган барча пулларни "Сантерра" Даун синдроми билан касалланган болалар ота-оналарининг ижтимоий фондига ўтказишга қарор қилди. Бироқ Қирғизистонда кўпчилик буни яқинларининг мавқесидан фойдаланиб ўзини кўрсатиш йўли деб тушунди ва уни танқид остига олишди.

"Мен бутун умр ўзимни онамнинг фамилияси билан таништираман, яқинларимнинг мавқесидан фойланаётганликда айбламасликлари учун ҳаттоки паспортимни ҳам алмаштиряпман", - дейди Алия.

Қиз шунингдек оилада машҳур сиёсатчининг мавжудлиги туфайли ортиқча эътибор унинг учун оғир юк эканини таъкидлаган. Унинг айтишича, ҳаттоки мактабда берилган саволга тўғри жавобни билса ҳам ўзини кўрсатаяпти деб ўйламасликлари учун қўл кўтаришга уялган.

Қирғизистон президенти одатда оиласини ортиқча кўз-кўз қилмайди, шунинг учун у ҳақида маълумотлар жуда кам. Атамбаевнинг икки турмушидан 6 нафар фарзанди бор - 3 қиз, 3 ўғил. Унинг иккинчи аёли Раиса Атамбаева касбига кўра шифокор, тиббиёт фанлари номзоди.